Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Muzrabot tumani hokimligi
МУЗРАБОТ ТУМАНИ ҲОКИМИ ИСМАИЛОВ АБДУРАШИД ХУДАЯРОВИЧНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ ВА 14 ЯНВАР "ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ" КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Rahbar chiqishlari / 2023-01-14

МУЗРАБОТ ТУМАНИ ҲОКИМИ ИСМАИЛОВ АБДУРАШИД ХУДАЯРОВИЧНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ ВА 14 ЯНВАР "ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ" КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Азиз тумандошлар!

Аввало, сиз, азизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва 14 январ "Ватан ҳимоячилари" куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Таъкидлаш керакки, миллий армиямизнинг куч-қудрати азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз.

Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларнинг ота-оналарига, шунингдек, ҳарбий ҳаётнинг бутун қувонч ва ташвишларини турмуш ўртоқлари билан баҳам кўриб келаётган меҳрибон ва сабр тоқатли рафиқаларига улкан миннатдорчилик билдираман.

Биз сизларнинг тимсолингизда миллий армиямизга тоғдек таянч бўлиб турган буюк маънавий кучни кўрамиз. Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам Ватанимизнинг мудофаа қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этамиз.

Паҳлавон ва ботир ҳарбийларимиз халқаро ҳарбий-ўқув машғулотлари, армия ва спорт мусобақаларида дунёдаги етакчи мамлакатларнинг ҳарбий хизматчиларига асло бўш келмасдан, ғалабага бўлган иродасини яққол намойиш этиб, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканини исботламоқдалар.

2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да бу борадаги ишларни янада кучайтириб, янги босқичга кўтаралишига ишонамиз.

Жаҳонда мафкуравий курашлар кескин тус олаётган, ахборот маконида турли хавф-хатар ва таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда барчамиз доимий огоҳ ва сезгир, фаол фуқаролик позициясига эга бўлишимиз керак.

Айниқса, адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушган шахслар ва уларнинг фарзандларида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва уларни соғлом турмуш тарзига, тўғри йўлга қайтаришда ҳарбий хизматчилар давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириши лозим.

Ҳурматли мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!

Ҳеч шубҳасиз, Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ана шундай эзгу мақсад ва марраларга эришишга, халқимизнинг тинч меҳнати, осойишта ҳаётини, юртимизнинг мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодирмиз.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан сиз, азизларни ва оила аъзоларингизни яна бир бор чин юракдан табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

Ватан ҳимоячилари куни ватанимиз ҳимояси ва ривожида турли хил касбларда хизмат кўрсатаётган барча Ўзбекистон ўғлонларига муборак бўлсин!

Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин.

 

Тинчлигимиз абадий булсин!

 

Байрамингиз муборак бўлсин!

2 izoh

Izoh qoldirish

Ro`yxatdan o`tish
4 ta foydalanuvchi hozir saytda
Sayt haqida firingiz?