Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар

Судлар томонидан жиноят ишларини кўришда энг аввало жиноят содир қилиш билан боғлиқ бўлган барча ҳолатларини, уни содир қилган шахсни, қилмишда жиноят қонунида кўзда тутилган барча белгиларнинг мавжудлигини тўла ва батафсил аниқлаш, жиноятни тўғри квалификация қилиш, қонунийлик ва адолатлилик принципига риоя қилишнинг асосий шартидир. Жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар маълум даражада қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини белгиловчи мезон бўлиб ҳам ҳисобланади.

Қуйида жазо тайинлашда эътиборга олинадиган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларга тўхталамиз:

а) айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очишга фаол ёрдам бериш;

б) етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш;

в) оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;

г) мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлилиги сабабли жиноят содир этиш;

д) жабрланувчининг зўрлик, оғир хақорати ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий хаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш;

е) зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш;

ж) вояга етмаганнинг жиноят содир этиши;

з) ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши;

и) жабрланувчининг ғайриқонуний ёки аҳлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиши.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг, бир томонидан реал хаётда кўпроқ учрайдиган турлари ва турли жиноятлар содир қилиш учун типик бўлган ҳолатлар олинган бўлса, иккинчи томондан, қонун чиқарувчи орган жиноят содир этиш ва жиноятчи шахсига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнигига жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар рўйхатига киритган.

Жиноят ҳуқуқи назариясида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг роли хақида ягона фикр мавжуд эмас. Айрим муаллифлар енгиллаштирувчи ҳолатлар айбнинг даражасига таъсир қилади деса, бошқа бирлари суд томонидан тайинланадиган жазони енгиллаштиради деб ҳисоблайдилар. Яна бошқалари эса енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини белгилайди, деб ҳисобайдилар. Масалан, Г.Л.Кригер “Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар фақат айб даражасига, жазо миқдорига ёки содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасигагина таъсир қилмасдан, балки жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг муҳим шартлари ҳам ҳисобланади», деб ёзади, ёки М.А.Скрябин эса “Жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар жиноят таркибидан ташқаридаги ҳолатлар бўлиб, содир этилган жиноятга ёки жиноят содир этган кишининг шахсига бевосита ёки билвосита тегишли бўлиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтиради ёки оширади ва жавобгарлик ва жазога таъсир қилади», деб ёзади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, енгиллаштирувчи ҳолатларнинг жиноят-ҳуқуқий аҳамияти хақида юридик адабиётларда турли фикрлар билдирилган. Уларнинг барчаси енгиллаштирувчи ҳолатларни қилмиш ва айбдорнинг шахси билан боғлаб тушунтирганлар. Енгиллаштирувчи ҳолатларни тавсифлаш масалаларига ҳам муаллифлар турлича ёндошганлар. Масалан, М.А.Скрябин «Қонун жазо тайинлашда ҳуқуққа хилоф қилмиш ва жиноятчи шахсини хусусиятловчи ҳолатларга аҳамият беради. Оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни қуйидагича ифодалашни таклиф қилади:

  1. Фақат жиноятнинг ўзига тегишли бўлган ҳолатлар;
  2. Фақат айбдорнинг шахсига тегишли бўлган ҳолатлар;
  3. Айбдорнинг шахсига ва жиноятга тегишли бўлган ҳолатлар.

Бизнинг назаримизда, енгиллаштирувчи ҳолатларни бундай таснифлаш амалдаги Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолатларга ҳам тўғри келади. Масалан, вояга етмаганнинг жиноят содир этиши (ЖК 55-моддаси «ж» банди) ва ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши (ЖК 55-моддаси “з” банди) фақат шахсга тегишли бўлган енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобанса, мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатдан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли жиноят содир қилиш фақат жиноятга тегишли бўлган енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобанса, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш ҳам жиноятга, ҳам шахсга тегишли бўлган енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобанади. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар фақатгина жазони енгиллаштиришнинг ўзи учун асос бўлмасдан, балки жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш учун ҳам асос бўлиши мумкин. Жумладан, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш, ЖКнинг 66-моддаси асосида жавобгарликдан озод қилиш ёки ЖКнинг 71-моддаси қоидаларига кўра, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфи катта бўлмаслиги ёки жиноят унча оғир бўлмаслиги керак. Агар содир этилган жиноят оғир ёки ўта оғир бўлса ва ЖКнинг 55-моддаси «а» бандидаги ҳолат мавжуд бўлса, суд енгиллаштирувчи ҳолат деб жазо тайинлаши мумкин.

ЖКнинг 55-моддасида кўрсатилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг барчаси учун қуйидаги хусусиятлар хосдир.

  1. ЖКнинг 55-моддасида назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатлар ЖКнинг махсус қисмининг моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг жиноят таркибидан ташқарида бўлиб, қилмишни квалификация қилиш учун таъсир қилмайди, квалификацияни ўзгартирмайди.
  2. Бу моддада кўрсатилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар қилмишни ЖКнинг махсус қисми моддаси бўйича квалификация қилиш учун зарурий белгиси сифатида кўрсатилган бўлса, жазо тайинлаш вақтида яна 55-моддага мурожаат қилинмай, ўша модданинг санкцияси доирасида жазо тайинланади, чунки қонун чиқарувчи орган 55-моддада назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатни ЖКнинг махсус қисмида енгиллаштирувчи ҳолат сифатида кўрсатиб, шунга мувофиқ равишда санкцияни ҳам енгиллаштирган.

Масалан, ЖКнинг 55-моддасининг «д» бандида «Жабрланувчининг зўрлик, оғир хақорат ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий хаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиши» - енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида кўрсатилган. ЖК махсус қисмининг 98-моддасида эса жабрланувчи томонидан ғайриқонуний зўрлик ёки оғир хақорат, шунингдек, унинг бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли тўсатдан юз берган кучли руҳий хаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилади. ЖКнинг 97-моддасида, қасддан одам ўлдириш учун шу модданинг 1-қисмида 15 йилгача муддатга, 2-қисмида 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгиланган. ЖКнинг 98-моддасида қасддан одам ўлдириш, лекин кучли руҳий хаяжонланиш бу жиноятнинг жиноят таркиби доирасига зарурий белги сифатида киритилганлиги учун енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланиб, шу модданинг ўзида назарда тутилган. Демак, ЖКнинг
55-моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолат махсус қисмнинг барча моддаларида кўрсатилган жиноятлар учун махсус қисмнинг муайян бир моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолат фақат шу модданинг ўзи учунгина аҳамиятлидир. ЖКнинг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг рўйхати қатъий бўлмай, суд жазо тайинлаш вақтида, бу моддада кўрсатилмаган бошқа ҳолатларни ҳам ишдаги ҳолатларга қараб енгиллаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаши мумкин. Масалан, давлат олдидаги катта хизматлари, ақлий ривожланишининг жисмоний ривожланишига нисбатан орқада колиб кетганлиги кабилар ҳам енгиллаштирувчи ҳолат деб ҳисобланиши мумкин.

 

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.

 

 

Сурхондарё вилоят суди ЖИБ судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси:  Ж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?